Самарқандда Халқаро Меҳнат Tашкилоти билан ҳамкорликда онлайн семинар ташкил этилди

Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш комиссиясининг 2020 йил 17 июндаги йиғилишида тасдиқланган йўл харитасига мувофиқ, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, мавсумий ишга жалб қилинадиган ишчиларни ёллашда меҳнат қонунчилигига амал қилиш масалалари бўйича онлайн ўқув-семинарлар Самарқанд вилоятида давом эттирилди.
 

Карантин талабларига тўлиқ риоя этган ҳолда ташкил этилган мазкур йиғилишда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Н.Якубов, Халқаро Меҳнат Ташкилоти вакили О.Липкану, Иш берувчилар конфедерацияси, Савдо-саноат палатаси, Касаба уюшмалари федерацияси масъуллари, фуқаролик жамияти фаоллари, Самарқанд вилояти фермер хўжаликлари ва пахта тўқимачилик кластери раҳбарлари ҳамда иш берувчилар иштирок этди. Учрашувни вазир ўринбосари Н.Якубов очиб бериб, иштирокчиларга семинарнинг аҳамиятини таъкидлаб ўтди.

Тадбир давомида тингловчилар мажбурий меҳнат тушунчасининг мазмун-моҳияти, пахта йиғим терими даврида мавсумий ишчиларни ишга қабул қилишда нималарга амал қилиш зарурлиги ҳақидаги маълумотларга эга бўлдилар. Шунингдек, ўқув-семинар охирида улар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.