Мажбурий меҳнатга қарши курашиш юзасидан дастлабки онлайн ўқув-семинар ташкил этилди
Бугун, 30 июнь куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш комиссиясининг 2020 йил 17 июндаги йиғилишида тасдиқланган йўл харитасига мувофиқ, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, мавсумий ишга жалб қилинадиган ишчиларни ёллашда меҳнат қонунчилигига амал қилиш масалалари бўйича илк семинар Сирдарё вилоятида ташкил этилди.
Тадбирда карантин талабларига тўлиқ риоя этган ҳолда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Н.Якубов, Халқаро Меҳнат Ташкилоти вакили О.Липкану, Иш берувчилар конфедерацияси, Савдо-саноат палатаси, Касаба уюшмалари федерацияси масъуллари, фуқаролик жамияти фаоллари, Сирдарё вилояти фермер хўжаликлари ва пахта тўқимачилик кластери раҳбарлари ҳамда иш берувчилар иштирок этишди.
Бунда мажбурий меҳнат тушунчасининг мазмун-моҳияти, пахта йиғим терими даврида мавсумий ишчиларни ишга қабул қилишда нималарга амал қилиш зарурлиги ҳақидаги маълумотлар берилди.
Шунингдек, ўқув-семинар охирида тингловчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.