Мажбурий меҳнатга қарши курашиш юзасидан навбатдаги ўқув семинар Навоийда бўлиб ўтди
Мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва бунга қарши қатъий чоралар кўриш юзасидан мамлакатимизда сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш комиссиясининг 2020 йил 17 июндаги йиғилишида тасдиқланган "Йўл харитаси"га мувофиқ, республикамиз бўйлаб режа асосида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, мавсумий ишга жалб қилинадиган ишчиларни ёллашда меҳнат қонунчилигига амал қилиш масалалари бўйича онлайн ўқув семинар ташкил этилмоқда.
Шундай тадбирлардан бири Навоий вилоятида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги масъуллари, Халқаро Меҳнат Ташкилоти вакили О.Липкану, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари, Иш берувчилар конфедерацияси, Савдо-саноат палатаси, фуқаролик жамияти фаоллари, Навоий вилояти ҳокимлиги, фермер хўжаликлари ва пахта тўқимачилик кластери раҳбарлари ҳамда иш берувчилар иштирокида бўлиб ўтди. Вилоят ҳокими ўринбосари Я. Душанов тадбирни очиб берар экан, мавзуни аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, тингловчилар мажбурий меҳнат тушунчасининг мазмун-моҳияти, пахта йиғим-терими даврида мавсумий ишчиларни ишга қабул қилишда нималарга амал қилиш зарурлиги ҳақидаги маълумотларга эга бўлди ва соҳага оид ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.