Маълум қилинганидек, бугун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Бош давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори Гулрух Ниёзметова иштирокида ўтказилган брифингда пахта йиғим терими ҳақидаги аҳоли саволларига жавоб қайтарилди.

Ёлланма теримчиларнинг терган пахта миқдори ва олинган иш ҳақи тўғрисидаги ҳисоботлар қандай тартибда амалга оширилади? 

Ёлланма теримчиларга терим учун пуллар пахтанинг килограмми учун 1-теримда 1000 сўмдан, 2-теримда 1400 сўмдан кам бўлмасдан шартномада белгиланиши зарур.

Ҳукуматимизнинг қарорига асосан, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларининг барча туманларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг Қонликўл, Қораўзак, Кегейли, Қўнғирот, Тахтакўпир, Хўжайли, Шуманай, Чимбой ва Нукус туманлари, Қашқадарё вилоятининг Косон, Муборак, Миришкор, Нишон, Касби, Қарши туманларида, шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Бандихон, Музработ ва Шеробод туманларида пахта хомашёси йиғим-теримига теримчиларни қўшимча жалб қилиш мақсадида қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хомашёси учун тавсия этилган тариф ставкасига Ўзбекистон Республикаси бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 200 сўмдан устама ҳақ тўланиши белгиланган.

Терим отряди раҳбари отряд аъзолари томонидан терилган пахта миқдори (килограмм) ва тўлаб бериладиган пахта пулини кўрсатган ҳолда тўлов қайдномасини (ведомости) шакллантиради ҳамда фермер хўжалиги раҳбарига тасдиқлатади.

Масъул банк ходими томонидан мазкур тўлов қайдномасига асосан теримчиларнинг пахта пули жойига чиққан ҳолда теримчиларнинг имзосини олган ҳолда тарқатилади.

Пахта йиғим-теримида иштирок этадиган теримчиларнинг терган пахтаси учун терим пуллари фуқаролик ҳуқуқий шартномаларига асосан ҳар 5 кунда (дам олиш кунларига тўғри келишидан қатъий назар, лекин меҳнат қонунчилиги талаблари асосида), зарурат бўлганда, ҳар куни даланинг ўзида Республиканинг барча тижорат банкларининг хизмат кўрсатувчи банк вакили томонидан тарқатилади.

Байрамлар олди ҳашарларга жалб қилиш ҳам мажбурий меҳнат ҳисобланади?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги 349-сон қарорига мувофиқ, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ҳашарлар қуйидаги шартларга қатъий риоя этилган ҳолда фақат ихтиёрий тарзда ташкил этилади ва ўтказилади:

умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисида фақат Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжати ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори мавжуд бўлганда;

ҳашарлар унда иштирок этадиган шахслар меҳнат қиладиган тегишли ташкилот ҳудудида меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик нормаларига қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилади;

ҳашарлар доирасида барча бошқа турдаги жамоат ишлари, шу жумладан қурилиш-таъмирлаш ва қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурий жалб этишга қатъий йўл қўйилмаган ҳолда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, иш ўринларини тартибга келтириш ишлари амалга оширилади.

Интернет тармоқларида пахта йиғим-терими мавсуми бошланиши муносабати билан банк ходимлари, хусусан, Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманидаги “Халқ банки”, “Ҳамкорбанк” ва “Савдогарбанк” бўлимлари ходимлари пахта теримига жалб қилинганлиги, пахта даласига чиқишни истамаганларга эса ўз ўрнига одам ёллаш буюрилганлиги тўғрисидаги ҳабарлар эълон қилинди. Ушбу ҳолатлар Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганилдими?

Албатта. Ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти “Халқ банки” ва “Ҳамкорбанк” АТБлар бўлимлари банк ҳодимларининг ҳар биридан ёзма тушунтиришлар олинди ҳамда интернет тармоғида эълон қилинган ҳабарлар ўз тасдиғини топмади.