Пахта – 2020: Болалар пахта йиғим-терим ишларига жалб қилинмайди, бу борада улар ҳатто ота-онасига ҳам ёрдамлашиши мумкин эмас

 

Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси томонидан тасдиқланган жадвалга асосан бугун, 11 сентябрь куни вилоят Бандлик бош бошқармаси анжуманлар залида 2020 йилги пахта йиғим-терим ишларига тайёргарлик кўриш ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, Бандлик бош бошқармаси, Касаба уйушмалари ташкилотлари бирлашмаси, Қишлоқ хўжалиги бошқармаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, тижорат банклари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари, мустақил журналист ва блогерлар иштирок этди.

 

 

Дастлаб вилоят Бандлик бош бошқармаси бошлиғи Анвар Ҳамроев фуқароларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилиниши билан боғлиқ ҳолатлар бўйича йиғилганларга маълумот берди.

 

 

Таъкидландики, ўтган 2019 йилда вилоят бўйича умумий 18 та вазиятда иш берувчи корхона ва ташкилотлар томонидан ходимдан унинг меҳнат вазифалари доирасига кирмайдиган ишларни қилишга  мажбурлаш ҳолати кузатилган. Шундан биттаси пахта теримига жалб қилиш билан боғлиқ эканлиги айтилди. Аниқланган барча қонун бузилишлари бўйича белгиланган тартибда жазо чоралари кўрилгани ҳам маълум қилинди. Пахта-2020 мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик учун ҳамкор ташкилотлар билан тарғибот-ташвиқот ишларининг олиб борилаётгани ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Вояга етмаганлар айниқса болаларнинг пахта йиғим-терим ишларига жалб қилинмаслиги, бу борада улар ҳатто ота-онасига ҳам ёрдамлашиши мумкин эмаслиги борасида тушунтириш ишлари мунтазам йўлга қўйилганлиги таъкидлаб ўтилди. Бу ишлар самарадорлигини янада оширишда оммавий ахборот воситаларининг кўмаги зарурлиги ҳам айтилди. 

 

 

Шунингдек, матбуот анжуманида мавзу юзасидан ҳар бир соҳа вакиллари  жорий йилги пахта йиғим-терими мавсумига тайёргарлик ишларининг бориши, мавсумни мажбурий меҳнатга йўл қўймаган ҳолда ташкил этиш, теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитлари, мавсумий ишчиларни йиғим-терим ишларига жалб этишда меҳнат қонунчилиги талабларига қатъий риоя қилиш, фермер хўжаликлари, кластерлар иш берувчилари олдидаги вазифалар, пахта йиғим-терими ишларини ташкил этишда санитария гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этиш юзасидан батафсил ахборот беришди.

 

 

 

 

Жорий йилги мавсумда вилоят бўйича жами 97 минг 900 гектар майдонда пахта хом-ашёси парвариш қилинган бўлиб, 331 минг 800 тонна давлатга пахта сотиш режаси белгиланган. Ушбу саноатбоп маҳсулотни ўз вақтида йиғиб-териб олиш учун 221 минг 500 дан ортиқ теримчидан иборат 2 минг 100 та отряд ташқил қилинган. Ҳозирги вақтда барча отрядлар таркиби тўлиқ шакллантирилган бўлиб, уларнинг саломатликларини назорат қилиш учун ўз ҳудудларида фаолият юртиаётган ҚВП ва ҚОПларда ишловчи тиббиёт ходимлари бириктирилган.

 

 

Бу йил пахтанинг 1 килоси учун биринчи теримда 1000 сўм, иккинчи теримда 1400 сўм тўланиши белгиланган.  Отрядларга терим пулларини ўз вақтида етказиб бериш учун вилоят “Агробанк” АТБ томонидан 274 нафар ходим жалб қилинган бўлиб, қўшимча яна 100 нафар ходим жараёнда иштирок этиши маълумот сифатида айтиб ўтилди.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари, мустақил журналист ва блогерлар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.