2020 ЙИЛГИ ПАХТА ЙИҒИМ-ТЕРИМИДА МОНИТОРИНГ ИШЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА
2020 йилги пахта йиғим-терими давомида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш юзасидан қатъий назоратни таъминлаш мақсадида ҳар бир ҳудуд бўйича сенаторлар, Қонунчилик палатаси депутатлари ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан алоҳида ишчи гуруҳлари шакллантирилиб, ҳудудларда ўрганишлар олиб борилмоқда.
Ҳозирги кунга қадар ишчи гуруҳлар томонидан республиканинг 86 та ҳудудида 190 дан зиёд мониторинглар ҳамда ижтимоий тармоқда тарқалган хабарлар юзасидан ўрганишлар ўтказилди. Натижада, мажбурий меҳнатдан азият чеккан 320 дан ортиқ фуқаролар аниқланиб, 10 та мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди.
Бундан ташқари, республиканинг барча туман(шаҳар)ларида банд бўлмаган аҳолини теримга жалб қилиш бўйича олиб борилган ишлар, теримчилар учун яратилган муносиб меҳнат ҳамда дам олиш шароитлари, терим пулларининг ўз вақтида ва белгиланган меъёрий сўммада берилаётганлиги ўрганилганда, 44 та ҳолатда мансабдор шахсларга нисбатан муносиб меҳнат шароитлари яратилмаганлиги учун маъмурий жарималар қўлланилди. Юқоридаги ҳолатларнинг такрорланмаслигини олдини олиш мақсадида ёзма кўрсатмалар берилди.
Хусусан, Наманган вилоятининг Поп туманида ўтказилган мониторинг тадбирлари давомида “Artsoft progress” кластер даласида пахта тераётган теримчилар учун пахта терим пуллари ўз вақтида берилмаётганлиги аниқланди ва фермер хўжалиги раиси маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Шу каби ҳолатлар Тошкент вилоятида 9 та, Хоразм вилоятида 7 та, Сурхондарё вилоятида 6 та, Бухоро вилоятида 5 та, Наманган вилоятида 3 та фермер хўжалиги раҳбарлари муносиб меҳнат шароитларини яратмаганлиги, теримчилар билан меҳнат шартномалари тузмаганлиги ва пахта терими пулларини ўз вақтида бермаганлиги учун маъмурий жаримага тортилди. Шунингдек, ўрганиш натижаларида тўпланган ҳужжатлар қонунчиликка мувофиқ тегишли чора кўриш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилмоқда.
Жумладан, Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги “Кугай” қишлоғида жойлашган “Жўрахон Жўраев” фермер хўжалиги даласидаги ўрганиш натижасида пахта далаларида Марказий банкнинг Наманган вилояти бош бошқармаси, “Трастбанк” ХАК Наманган филиали ҳамда “Намангандонмаҳсулотлари” АЖ ходимларининг ўрнига чиққан фуқаролар муайян маблағ эвазига пахта тераётганлиги маълум бўлди ҳамда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳолат юзасидан маъмурий чора кўриш мақсадида маъмурий судга тақдим этилди.
Шунингдек, аниқаланган қонунбузилишлари юзасидан нафақат таъсир чоралари кўрилаяпти, балки фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, айбдорларга тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, Қашқадарё вилояти Нишон тумани “Ойдин” МФЙда ўтказилган ўрганиш натижасида пахта пуллари вақтида берилмаганлиги аниқланди. Натижада, теримчиларга пахта терим пуллари тўлиқ тўлаб берилди. Терим пуллари берилишини кечиктирмаслик мақсадида тушунтириш ишлари олиб борилди ҳамда такрорий ҳолат бўйича чора қўлланилиши билан огоҳлантирилди.
Бугунги кунга қадар Давлат меҳнат инспекциясига мажбурий меҳнат ҳамда меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид жами 141 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан, call-марказ орқали - 83 та, web сайт орқали - 8 та, ижтимоий тармоқ орқали-50 та.
Келиб тушаётган мурожаатларнинг энг кўпи Қашқадарё вилоятида 20 та, Тошкент вилоятида 19 та, Наманган вилоятида 17 та, Жиззах вилоятида 16 та ва бошқа ҳудудларга тўғри келади.
Мурожаатларнинг мазмунига кўра, 20 та ҳолатда маҳалла фуқаролар йиғини томонидан фуқаролар, 9 та ҳолатда банк ходимлари мажбурий меҳнатга жалб қилинаётганлиги тўғрисида хабар қилинган. Жойларда фуқаролар, корхона ташкилот ва муассасалар ходимлари томонидан ушбу йўналишда тушаётган мурожаатлар, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда чиқаётган хабарларда келтирилган ҳолатлар зудлик билан ўрганилмоқда.
Мажбурий меҳнат ҳолатларига гувоҳ бўлсангиз Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақамларига, 71-200-06-00 Ишонч телефонига ҳамда www.dmi.mehnat.uz сайтига мурожаат қилинг ва ўзингизнинг бузилган меҳнат ҳуқуқларингизни тикланг. Эслатиб ўтамиз, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ жисмоний шахснинг илтимосига кўра унинг шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги кафолатланади.
Мажбурий меҳнатга қарши кураш давом этмоқда!