2019 йил. Мажбурий меҳнат. Сарҳисоб.
Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши курашиш йўлида тизимли ишлар амалга ошириляпти. У билан боғлиқ ҳар бир ҳолат диққат билан ўрганилиб, мажбурий меҳнатга йўл қўйган масъулларга нисбатан жазо чоралари кўрилмоқда.
Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича dmi.mehnat.uz мурожаатлар cайти, 1176 – қисқа рақамли ишонч телефони ҳамда @mehnathuquqbot махсус телеграм бот тармоқлари ташкил этилган бўлиб, 2019 йилнинг ноябрь ойи ҳолатига кўра, уларга 1282 та мурожаат келиб тушган. Вазиятлар бўйича ўрганишлар ўтказилмоқда ва фуқароларнинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, тегишли тушунтириш ва маслаҳатлар берилмоқда.
2019 йилда ўрганишлар давомида жами 259 та мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига асосан 772 млн. сўм миқдорида жарималар қўлланилган. Мажбурий меҳнат ҳолатларининг 141 таси пахта йиғим-терим мавсумида содир этилганлиги аниқланган.
Ўтган йилларда пахта йиғим-терим мавсумида мажбурий меҳнатга қарши курашиш мақсадида ҳар бир ҳудудда тегишли Давлат меҳнат инспекторлар томонидан мониторинглар ўтказилган бўлса, 2019 йилда ҳудудий Давлат меҳнат инспекциялардан ташқари вазирликда Ишчи гуруҳ тузилиб, республика бўйича барча ҳудудларда мониторинглар ўтказилди.
Шу билан бирга, ишчи гуруҳ ҳамда ҳудудий Давлат меҳнат инспекторлари томонидан пахта йиғим-терим мавсумида ҳудудларда 2979 та мониторинг ишлари олиб борилди ва ҳозирги кунгача давом этмоқда.
Пахта терими мавсумида Хоразм вилоятида 2, Қашқадарё вилоятида 1 нафар туман ҳокими, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах, Тошкент, Хоразм, Қашқадарё вилоятларида 15 нафар туман ҳокими ўринбосарлари мажбурий меҳнатга жалб қилиш ва теримчиларга меҳнат шароитларини яратмаганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, республиканинг барча ҳудудларда туман молия, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, ирригация, тиббиёт, кадастр бўлимлари, банк идоралари, Сувоқава ДУК, Ободонлаштириш бошқармалари, “Ёшлар иттифоқи” Кенгаши, фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда қатор бошқа ташкилот мансабдор шахслари маъмурий жаримага тортилди.
Масалан, Қашқадарё вилояти Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр бошқармаси бошлиғи ва туман, шаҳар Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр бўлими бошлиқлари қўлостидаги ходимларини Касби туманига пахта теришга мажбуран жалб қилганлиги аниқланган.
Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманига вилоятдаги АТБ “Ўзсаноатқурилишбанк” Самарқанд филиали, АТБ “Микрокредитбанк” Самарқанд вилояти филиали, АТБ “Халқ банк” Самарқанд вилояти филиали, ХАБ “Трансбанк” Самарқанд вилояти филиали, АТБ “Асакабанк” Самарқанд вилояти филиали, АИТ “Ипакйўли банк” Самарқанд вилояти филиали, “Orient Finans Bank” Самарқанд вилояти филиали, АТБ “Ҳамкорбанк” Самарқанд вилояти филиали, ОАТБ “Савдогар банк” Самарқанд вилояти филиали ва АТБ “Ипотека банк” Самарқанд вилояти филиали бошқарувчилари ходимларини пахта теримига мажбур қилган, натижада ходимларининг маблағлари ҳисобидан банклар номидан уюшмаган аҳолини пахта терганлиги учун пул тўлашган.
Жиззах вилоятининг Арнасой тумани Ободонлаштириш бошқармаси, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, 5-сонли Мусиқа ва санъат мактаби, АТБ “Агробанк” Арнасой тумани филиали, АТБ “Халқбанк” Арнасой тумани филиали, йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси, туман тиббиёт бирлашмаси, Сувоқава ДУК Арнасой тумани филиали раҳбарлари ўз ходимларини пахта йиғим-терими ишларига мажбуран жалб этганлиги аниқланган.
Шунингдек Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманидаги қатор мактаб раҳбарлари, Қорақалпоғистон давлат унивеситети ректори, Халқ банки Хўжайли филиали бошқарувчиси, тумандаги фермер хўжаликлари раҳбарлари қўлостидаги ходимларни пахта теримига жалб этгани ёхуд терим пайтида уларга етарлича шароит яратиб бермаганлиги сабаб маъмурий жаримага тортилган.
Бундан ташқари мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга келгусида йўл қўймаслик мақсадида вазирлик ва идоралар раҳбарлари номига 25 та тақдимнома, шунингдек мажбурий меҳнатга йўл қўйилса, маъмурий жавобгарликка тортилиши ҳақида 15 та огоҳлантиришлар юборилган. Мажбурий меҳнат ҳолатларини бартараф этиш бўйича эса 225 та ёзма кўрсатмалар киритилган.
Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг мутахассислари ва ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан “Учинчи томон мониторинги” лойиҳаси бўйича мажбурий меҳнат ҳолатларини ўрганиш ва мониторинг қилиш бўйича Ўзбекистонда мустақил фаолият юритишларига имконият яратилди ҳамда улар билан бевосита ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Ушбу мониторингларда аниқланган мажбурий меҳнат ҳолатлари ҳақидаги маълумотлар Давлат меҳнат инспекторлар томонидан ўрганилиб, айбдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.
Энди халқаро майдондаги эътироф хусусида
Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Вашингтонда ўтказилган Cotton Compaign коалицияси йиғилишида иштирок этди ва ушбу ташриф натижасида АҚШ Ўзбекистон пахтасини болалар мажбурий меҳнатига чек қўйилганига ижобий баҳо берилди.
2019 йил 1 апрель куни Брюсселда “Ўзбекистон пахта теримида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қандай барҳам бермоқда” мавзусида йирик форум ташкил этилди ва Ўзбекистоннинг қисқа муддатда мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича тўплаган тажрибаси ва унинг амалиётдаги натижалари халқаро доирада ўрганилди.
Ноябрь ойида эса Малайзия бирламчи саноат вазирлиги делегацияси вакиллари Ўзбекистонда бўлиб, юртимизнинг мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича тажрибасини ўрганди.
Мажбурий меҳнатга қарши курашнинг қонунчиликдаги акси
Мажбурий меҳнатга барҳам беришда Президентнинг 2019 йил 30 июлдаги “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5775-сон Фармони яна бир мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлди. Фармонга кўра, Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси этиб қайта ташкил қилинди. Эътиборли жиҳати, Фармон билан таъсис этилган Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий маърузачи институти мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасидаги вазият ҳақида президентга ҳар йили ахборот бериб бориши белгиланди.
Мажбурий меҳнатга қарши йўналтирилган чора-тадбирлар орасида, айниқса, 2019 йил 28 августдаги Ўзбекистон Қонунига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига киритилган ўзгартиришлар дадил одимлардан бўлди. Қонунга мувофиқ, эндиликда меҳнатга бирон-бир шаклда мажбурлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 30 бараваригача, агар бир йил ичида бу ҳол қайта содир этилса, 30 баравардан 100 бараваргача жарима солиниши белгиланди. Илгари ушбу жарима миқдори бор-йўғи 1 баравардан 3 бараваргача бўлиб, мажбурий меҳнатга жалб қилган шахсларга нисбатан қаттиқ жазо кўрилишига имкон бермас эди. Шунингдек мажбурий меҳнатга йўл қўйганлик учун қўлланиладиган маъмурий жазо турини жиноий жазога алмаштириш борасида қонунчиликка таклиф киритилди.
Хулоса
Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам бериш 2019 йил учун устувор вазифалардан этиб белгиланди. Айнан шу сабаб йил давомида айни йўналишда янги механизм ва тизим асосида ишлар олиб борилди. Мазкур фаолият эндиликда ҳам давом этади.