Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари ҳамда Бош прокуратура ҳамкорлигида Давлат меҳнат инспекторлари учун онлайн семинарлар бўлиб ўтмоқда
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ўринбосари Н.Якубов бошчилигида Халқаро Меҳнат Ташкилоти экспертлари Оксана Липкану ва Майкл Кандаракис ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура Академияси эксперти Улуғбек Абдурахмонов иштирокида Давлат меҳнат инспекторларига мажбурий меҳнат ва одам савдоси мавзусига бағишланган online-ўқув курсининг навбатдаги машғулоти бўлиб ўтди.
Мазкур машғулот доирасида Давлат меҳнат инспекторларига мажбурий меҳнат ва одам савдоси билан танишиш, мажбурий меҳнат турлари ва иш берувчининг хатти-ҳаракатлари қайси ҳолатда мажбурий меҳнатга айланиши мумкинлиги ҳақида тушинтиришлар берилди.
Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенцияларида мажбурий меҳнат бўйича тушунчалар, талаблар ва ҳолатлар юзасидан тегишли тавсиялар тақдим этилди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари инсон ҳуқуқлари ва одам савдоси бўйича тавсия этилган тамойиллар ва кўрсатмалар билан таништирилди.
Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлар томонидан дунёда 2016 йилда мажбурий меҳнат тузоғига 24,9 млн.киши тушиб қолганлиги, шу жумладан 16,0 млн киши ҳусусий секторда (уй хизмати, қурилиш ёки қишлоқ хўжалигида), шунингдек мамлакатлар кесимида: Осиё ва Тинч океанига кирувчи давлатларда – 16,55 млн киши (67%), Африка мамлакатларида 3,42 млн киши (14%), Европа ва Марказий Осиё - 3,25 млн киши (13%), Америка мамлакатларида 1,28 млн киши (5%) ва Араб давлатларида 350 минг киши (1%) мажбурий меҳнатга жалб этилганлиги ҳақида маълумотлар берилди.
Мазкур ўқув семинарда мажбурий меҳнат масаласи бўйича Давлатнинг роли ва Ҳуқуматнинг вазифалари ҳақида суҳбатлар ўтказилди.
Ушбу вазифалардан келиб чиқиб Ўзбекистонда пахта йиғим-теримида тизимли равишда болалар меҳнатига барҳам берилганлиги, 2020 йил пахта йиғим-терими пайтида тизимли равишда мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаганлиги ва мамлакатимизда мажбурий меҳнатга жалб қилинган теримчилар улуши 33 фоизга камайганлиги ва 4 фоизни ташкил этганлиги қайд этилди.
Мажбурий меҳнат ҳолатларини олдини олиш борасида амалга оширилган ҳаракатларнинг ижобий натижалари халқаро мутахассислар ва экспертлар томонидан юқори баҳо берилганлиги ва бу ҳаракатлар кўп бошқа хорижий давлатлар учун намуна бўлаётганлиги ҳақида фикрлар билдирилди.
Мажбурий меҳнатни олдини олиш борасида масъул идоралар дуч келадиган асосий муаммолар ва уларнинг ечими борасида қабул қилиниши мумкин бўлган қарорлар бирма-бир муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари ҳамда Бош прокуратура ҳамкорлигида Давлат меҳнат инспекторлари учун ўтказилаётган ўқув семинар ўз ишини давом этмоқда.