Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ўзининг устуворликларини белгилаб олди
2019 йил 3 август куни Олий Мажлис Сенатида Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг ташкилий йиғилиши бўлиб ўтди. Уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Миллий комиссия раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Йиғилишда Миллий комиссия аъзолари, вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, шунингдек оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июлдаги “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан тузилган Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси зиммасига юклатилган вазифаларнинг самарали ижро этилишини таъминлаш ҳамда Миллий комиссия фаолиятига оид айрим ташкилий масалалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда Миллий комиссия таркибидаги Одам савдосига қарши курашиш ҳамда мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссиялар таркиби ҳам кўриб чиқилди. Кичик комиссиялар фаолиятини тартибга солувчи тегишли низом лойиҳалари, иш режалари ҳамда 2019 – 2020 йилларда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Миллий комиссияга киритишга доир масалаларга эътибор қаратилди.