Бугун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Бош давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори Гулрух Ниёзметова иштирокида брифинг ўтказилди

Брифингда пахта йиғим терими ҳақидаги аҳоли саволларига жавоб қайтарилди.

Ёлланма теримчилар пахта даврида ким билан ҳамда қандай тартибда шартнома имзолайди?

Пахта даврида ёлланма теримчилар ҳамда пахта-тўқимачилик кластерлари ёки фермер хўжалиги ўртасида фуқаролик ҳуқуқий шартнома тузилади. Пахта тўқимачилик кластерлари ёки фермер хўжалигида доимий ишлаб келаётган ишчилар билан ҳам пахта териш бўйича қўшимча меҳнат шартномаси тузилиши мумкин.

Фуқаролик ҳуқуқий шартнома имзоланган кундан кучга киради ҳамда пахта терими мавсуми даврида амал қилади. Меҳнат шартномаси номуайян муддатга ҳамда муддатли асосда тузилиши мумкин.

Теримчи фуқаролик ҳуқуқий тусдаги шартномани исталган вақтда ўз ихтиёрига кўра бекор қилиши мумкин. Меҳнат шартномасини бекор қилиш Мехнат кодексидаги умумий асосларга кўра амалга оширилади.

Фуқаролик ҳуқуқий шартнома ҳамда мехнат шартномаси нусхада тузилади ҳамда биттаси теримчида, биттаси фермер хўжалиги, кластерда сақланади.

Маҳалла раиси ва ходимлари пахтага фуқароларни мажбурий жалб қилмаслик тўғрисида огоҳлантирилганми?

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ташаббуси билан 2020 йилнинг сентябрь ойи бошланишига қадар “Мажбурий меҳнатдан огоҳ бўлинг!” номли услубий қўлланмалар республиканинг барча маҳалла ходимларига тарқатилган. Бундан кўзланган асосий мақсад – махалла фуқаролар йиғини ходимларининг мажбурий меҳнат тўғрисидаги ҳабардорлигини оширишдир.

Маҳалладаги ишсизлар пахта теримига ўз хоҳишлари билан чиқишлари мумкинми?

Маҳаллада яшайдиган ишсиз фуқароларга пахтада қўшимча даромад топиш мумкинлиги тўғрисидаги тўлиқ маълумотлар берилган ҳолда фақатгина ўзларининг ихтиёрига кўра пахта теришга жалб қилиниши мумкин. Бунда пахтага жалб қилинаётган маҳалланинг ишсиз фуқароларига пахтага чиқиш бўйича барча меҳнат шароитлари, яъни пахта пули, ётоқ жой, иш ҳақининг берилиш тартиби ва бошқалар таништирилади.

Ишсиз фуқаролардан ташқари бюджет ташкилотларида ишловчи ходимлар ҳам ишдан бўш вақтларида, яъни шанба ва якшанба кунлари қўшимча даромад топиш мақсадида фақатгина ўз ҳохишларига кўра пахта теримида иштирок этишлари мумкин.

Катта байрамлар олдидан ўтказиладиган ҳашарларда бир кунлик иш ҳақимиздан ҳам ҳашар учун ўтқазиб бериш қанчалик мавжуд меҳнат қонунчилигига тўғри келади?

Меҳнат кодексининг 164-моддасига кўра, фақатгина ходимнинг ёзма розилиги билан, бундай розилик бўлмаган тақдирда эса, - суднинг қарорига асосан меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин.

Шу сабабли, бир кунлик иш ҳақлари фақатгина ходим бу тўғрисида ўзи ташаббус билан чиққанда ёки ёзма розилик билдирганда ушлаб қолиниши қонунчилликка мувофиқ ҳисобланади.