Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди
Мамлакатимизда мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича қатъий чоралар кўрилишига қарамасдан, нега ҳудудларда мажбурий меҳнатга оид қонунбузилишлар учраб турибди? Ўзбекистон қонунчилиги бўйича мажбурий меҳнатга йўл қўйган шахсларга нисбатан қандай жавобгарлик чоралари кўзда тутилган? Мажбурий меҳнат ҳолатларига дуч келганда фуқаро қаерга мурожаат қилиши лозим?
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Нодир ЯҚУБОВ билан ЎзА мухбирининг суҳбатида шу каби бир қатор саволларга ойдинлик киритилди.
– Мажбурий меҳнат ўзи нима ва у қайси халқаро ҳамда миллий қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади?
–Мажбурий меҳнат – бирор-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш ҳисобланади. Яъни фуқаро ёки иш берувчи шахсни ишдан бўшатиб юбориш, ойлигини камайтириш, лавозимини пасайтириш ва бошқа таҳдидлар воситасида мажбурий меҳнатга жалб қилиши мумкин эмас. Мажбурий меҳнат қишлоқ хўжалиги, ободонлаштириш, қурилиш, таъмирлаш ишларига жалб қилиш ва бошқа кўринишларда бўлиши мумкин.
Мажбурий меҳнатни тақиқловчи нормалар халқаро ва миллий қонунчилигимизда ўз аксини топган. Ўзбекистон Республикаси ҳозирги кунга қадар Халқаро меҳнат ташкилотининг “Мажбурий меҳнат тўғрисида”ги ҳамда “Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисида”ги конвенцияларини 1997 йилда, 2019 йилда эса Ўрта Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб “Мажбурий меҳнат тўғрисида”ги конвенциянинг баённомасини ратификация қилган.
Ушбу санаб ўтилган халқаро ҳужжатлардаги нормалар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида, Меҳнат кодексида, Президентимизнинг “Одам савдосига ҳамда мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида ва Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилдаги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ўз аксини топган.
Президентимизнинг фармони билан айнан мажбурий меҳнатга қарши курашиш билан шуғулланувчи турли давлат органлари вакилларидан тузилган Одам савдосига ҳамда мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ва унинг таркибида мажбурий меҳнатга қарши курашиш кичик комиссиялари ўз фаолиятини бошлаган. Вазирлар Маҳкамасининг 349-сон қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда урф-одатга айланиб қолган ҳашар тадбирларининг қандай тартибда ташкиллаштирилиши ҳамда мажбурий меҳнатдан фарқига аниқлик киритилди. Санаб ўтилган ушбу ҳужжатлар мажбурий меҳнатга оид қонунчилик ҳужжатлари ҳисобланади.
–Мажбурий меҳнатга йўл қўйганлик учун қандай жавобгарлик чоралари белгиланган?
–Халқаро стандартлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигида мажбурий меҳнатга йўл қўйган шахсларга нисбатан маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган.
Мажбурий меҳнат бўйича маъмурий жавобгарлик чоралари 1994 йилдан белгиланган бўлса, 2020 йил 22 январда қонунчилигимизга киритилган сўнгги ўзгартиришлар натижасида Жиноят кодексида мажбурий меҳнатга такроран йўл қўйганлик учун жиноий жавобгарлик нормалари ҳам белгилаб берилди.
Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун маъмурий жарима миқдори 2019 йилда базавий ҳисоблаш миқдорининг 30-50 бараваригача оширилган бўлса, 2020 йил 22 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, маъмурий жавобгарлик чоралари, яъни жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 50-100 бараваригача қилиб белгиланди.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик такроран содир этилган бўлса, Жиноят кодексига киритилган янги 1482-модда бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 100-150 бараваригача жарима, 2 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ва 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари каби жиноий жазо белгиланди.
–Мажбурий меҳнат ҳолатларига дуч келган ёки унга гувоҳ бўлган шахс қаерга мурожаат қилиши лозим?
–Ўзбекистон Республикасида доимий ёки вақтинчалик фаолият олиб бораётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ёки чет эл фуқаролари мажбурий меҳнат ҳолатларига дуч келганида ёки мажбурий меҳнатнинг жабрланувчиси бўлиб қолганида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг қисқа телефонларига, телеграм каналига ёки интернет сайтларига мурожаат этишлари мумкин.
Ушбу мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида фуқароларнинг хоҳишига қараб уларнинг шахсига тааллуқли маълумотлар сир сақланиши кафолатланади.
Юқорида санаб ўтилган тармоқлар орқали рўйхатга олинган ҳар бир мурожаат вазирликнинг назоратида ўрганилади ҳамда ўрганиш натижалари бўйича тегишли юқори турувчи давлат ташкилотларига ва халқаро ташкилотларга ахборот берилади.
Шу билан бирга, фуқароларимиз бевосита ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, яъни прокуратура ёки ички ишлар идораларига мурожаат қилишлари мумкин.
2019 йилда ушбу тармоқлар орқали мажбурий меҳнат билан боғлиқ жами 1 282 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 609 таси пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги,
384 таси ободонлаштириш , 228 таси қурилиш, таъмирлаш ишларига ва 61 таси навбатчиликка жалб қилиш билан боғлиқ масалаларга оиддир.
–Ҳозирги кунга қадар мажбурий меҳнат бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ўрганилган нечта ҳолат ўз тасдиғини топди ҳамда мансабдорларга нисбатан қандай таъсир чоралари қўлланилди?
–Мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича мамлакатимизда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ “гуруч курмаксиз бўлмайди” деганларидек, айрим мансабдор шахслар томонидан қонунбузилишлар содир этилиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари поймол қилинаётгани ҳам бор гап.
Президентимизнинг 2018 йилнинг 28 августдаги “Меҳнат органлари тузилмасини такомиллаштириш ва фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнатини муҳофаза қилиш тизимини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги таркибидаги Давлат меҳнат инспекцияси қайтадан янги тузилмада ташкил этилди ҳамда мажбурий меҳнатга қарши курашиш инспекциянинг асосий фаолият турларидан бири этиб белгиланди. Натижада Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 2018 йилда 291 та ҳолат аниқланиб, айбдор мансабдор шахслар мажбурий меҳнат ҳолатларига йўл қўйганликлари учун маъмурий жаримага тортилди.
2019 йилда мажбурий меҳнатга тизимли равишда қарши курашиш мақсадида 2779 та корхона, ташкилотда ўрганиш ўтказилиб, мажбурий меҳнат бўйича жами 259 та ҳолат қайд этилди. Шундан 112 таси бевосита ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига ходимларни мажбурий жалб этиш билан боғлиқдир. Энг кўп ҳолатлар Самарқанд (16 та), Қашқадарё (12 та) ва Бухоро (10 та) вилоятларида қайд этилган. Шунингдек, иш ҳақларини ўз вақтида бермаган ва меҳнат шароитлари яратмаган 56 нафар мансабдор шахсга қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий жарималар қўлланилди.
Жорий йилнинг ярмида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан мажбурий меҳнат бўйича 39 та ҳолат аниқланган бўлиб, уларнинг барчасида мансабдор шахсларга нисбатан тегишли маъмурий жарималар қўлланилди. Энг кўп ҳолатлар Тошкент (6 та), Самарқанд (4 та) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида (3 та) кузатилди.
–Ҳозирги кунда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ҳамда унга бутунлай барҳам бериш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
–Одам савдоси ва мажбурий меҳнатнинг салбий омиллари тўғрисида аҳолининг хабардорлигини ошириш мақсадида республика бўйича 13 мингдан ортиқ семинар-тренинг, 26 мингдан ортиқ давра суҳбати ва 15 та конференция ўтказилди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари, хусусан, телерадиоканаллар ва газета-журналлар орқали 6 минг 400 дан ортиқ, ижтимоий тармоқлар, расмий ахборот сайтларида 2 минг 600 дан зиёд тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилди.
2020 йил пахта мавсуми бошланиши олдидан республиканинг барча ҳудудлари бўйлаб “Сизни пахта теримига мажбурлашяптими?” номидаги баннерлар, “Мажбурий меҳнатдан огоҳ бўлинг!” номли ўқув қўлланмалар маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимларига, иш берувчиларга ҳамда фуқароларга тарқатилмоқда.
Пахта хом-ашёси ишлаб чиқариш бўйича давлат буюртмаси бекор қилинганлигини инобатга олиб, Халкаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда иш берувчилар, фермер хўжаликлари ва пахта тўқимачилик кластерларида мажбурий меҳнат ҳолатлари кузатилмаслиги учун ҳамда уларнинг мажбурий меҳнат тўғрисидаги хабардорлигини ошириш мақсадида ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда.
Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш комиссиясининг 2020 йил 17 июндаги йиғилишида тасдиқланган “Йўл харитаси”га мувофиқ ташкил этилаётган ушбу онлайн тадбирлар 2020 йил давомида ҳозиргача Сирдарё, Тошкент, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Наманган, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ўтказилди. Мазкур семинарларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари, Савдо-саноат палатаси, Касаба уюшмалари федерацияси масъуллари, фуқаролик жамияти фаоллари, фермер хўжаликлари ва пахта тўқимачилик кластери раҳбарлари ҳамда иш берувчилар иштирок этмоқда.
–Қатъий чоралар кўрилишига қарамасдан, нега ҳудудларда мажбурий меҳнатга оид қонунбузилишлар учраб турибди?
–Назаримда, айрим раҳбарлар ҳамон эскича фикрлаётгани сабабли,шунингдек, фуқароларимизнинг ҳам ўз меҳнат ҳуқуқларини билмаслиги, билса ҳам бепарво бўлиб, тегишли равишда мурожаат қилмаслиги мажбурий меҳнатнинг бутунлай йўқ бўлишига тўсқинлик қилмоқда. Шу сабабли, бу каби раҳбарлар ҳамда фуқароларимиз ўртасида тушунтириш ишларини олиб боришимиз ҳамда беписандлик қилган мансабдорларга қатъий чоралар қўллашимиз лозим.
Мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасидаги олиб бораётган саъй-ҳаракатларимиз бугунги кунда хорижий экспертлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Жорий йилнинг 25 июнь куни АҚШ Давлат котиби Майк Помпео АҚШ давлат департаментининг одам савдосига қарши кураш ва назорат қилиш бошқармаси томонидан тайёрланган одам савдоси хусусидаги ҳисобот натижалари тақдимотидаги нутқида Марказий Осиёдаги айрим мамлакатларда ҳукуматлар халқни пахта саноати ва бошқа соҳаларда ишлашга мажбур қилиши узоқ тарихга эга, Ўзбекистоннинг ушбу муаммони ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари минтақадаги бошқа мамлакатлар учун янги стандартларни ўрнатмоқда, деб таъкидлаган эди.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларига шуни таъкидламоқчимизки, агар меҳнат ҳуқуқларингиз бузилса ёки мажбурий меҳнатга йўл қўйилгани ҳақида маълумотга эга бўлсангиз, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “1176” қисқа рақамли ишонч телефони, ижтимоий тармоқдаги “dmi.mehnat.uz” сайти ҳамда “mehnathuquqbot” телеграм ботига мурожаат қилинг.
Ҳар бир мурожаат ва хабарлар белгиланган тартибда ўрганиб чиқилиб, айбдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади ва натижаси ҳақида маълумот берилади. Мурожаатчининг розилигисиз шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги кафолатланади.